sss
Тест юзасидан апелляция бериш тартиби ва муаммолари ҳақида

Ҳар йили тест синовлари жараёнида норозилар кўп бўлади. Атиги 15% абитуриент талаба бўлгандан кейин, кўпчилик орасидан норозилар чиқиши табиий.

Камроқ балл олган аксарият абитуриентларнинг айтадиган гапи бир хил: «мен зўр тайёрлангандим, лекин ДТМ нотўғри ҳисоблаган, аслида балим баланд чиқиши керак эди».

Боз устига балларни эълон қилишда хатоликка йўл қўйилгани ҳақида берилган кечаги эълон оловга сепилган керосин бўлди. «Ана, айтмадимми, меникини ҳам паст чиқарди, қайтадан ҳисобласин» деган гаплар кўпайди.

Ўз натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция шикояти беришлари мумкин. Ҳозир шу ҳақда сўз юритамиз.

Дастлабки муаммо, апелляция бериш муддатида. Низомга кўра, (https://lex.uz/docs/3646570#3678961) апелляция шикоятлари 21 августдан 30 августгача берилиши керак эди. Аммо пандемия сабаб тест синовлари сентябрь ойига қолдирилди. Хўш, бундай вақтда апелляция вақти ҳам суриладими? Расман қачондан бошланади ва қачонгача давом этади? Бу ҳақида бирор тайинли гап йўқ. Буни тезроқ белгилаш ва эълон қилиш керак.

Иккинчи муаммо, апелляция шикоятлари ёзма ёки электрон шаклда берилиши айтилган. Аммо электрон ариза беришнинг аниқ тартиби йўқ. Ўтган йили info@dtm.uz орқали қабул қиламиз дейишганди. Аммо бу яхши қарор эмаслиги, апелляцияни шахсий кабинети орқали юбориш имкониятини бериш кераклиги ҳақида аввал ҳам ёзгандим (https://t.me/xushnudbek/2983).

Учинчи муаммо, апелляцияда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
• уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар (луғат, жадваллар бундан мустасно) олиб киришга ҳаракат қилиш ёки олиб кириш;
• апелляция жараёнида тест материалларини бошқа абитуриентга узатиш, уларга ёрдам бериш ёки ёрдам олиш;
• тест топшириқлари китобининг варағини йиртиш.

Телефон ёки ноутбук олиб кирса нима бўпти? У ўзининг ҳақлигини исботлаш учун керакли манбалардан қидирса, бунинг нимаси ёмон? Абитуриент гениймаску, ҳаммасини сўзма-сўз ёддан биладиган. Ахир бу шунчаки апелляция жараёни-ку, қайта тест топшириш эмас!

❗️Апелляциянинг умумий тартиблари:

👉 апелляция шикоятини бериш учун Тошкентга келиш шарт эмас, ДТМнинг ҳудудий бўлимлари манзили мана бу ерда (https://t.me/rasmiydtm/169);

👉 абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт;

👉 абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест топшириқлари китоби берилади;

👉 абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва апелляция комиссиясига тақдим этади;

👉 абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби ДТМга белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди;

👉 апелляция шикояти фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Илгари ота-онаси ёки устозларига рухсат бериларди, кейинчалик буни тақиқлаб қўйишди;

👉 абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, шикоятни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади;

👉 абитуриент мурожаат қилганда унга қарордан кўчирма берилади;

👉 абитуриент қарор устидан судга шикоят қилиши мумкин.

‼️Таклиф:

Умуман олганда апелляция тартиби худдики ДТМ хатоси чиқиб қолишидан қўрқиб, атайин абитуриентларни қийнаш учун ёзилганга ўхшайди.

Менга қолса, тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин, абитуриентларнинг шахсий кабинетида унга тушган саволларни тўлиқ эълон қилиш керак. Шунда абитуриентлар қайси саволга тўғри белгилади, қайсига нотўғри, ўқитувчиси билан бирга текшириб кўради ва агар ўзи хато қилганини кўргач, апелляция бериб ҳам ўтирмайди. Бу минглаб асоссиз шикоятларнинг олдини олади, ДТМнинг ҳам иши камаяди.

Ўз навбатида хато саволларни аниқлаш ҳам осонлашади. Хатони тан олиш эса мардлик белгиси.

Бу иш очиқлик ва шаффофликка қўйилган навбатдаги катта ва дадил қадам бўлар эди.

Хушнудбек.